Самарқанд шаҳри, Гагарин кўчаси 70
(0 366) 210-08-92, 210-08-95
zar.havza@minwater.uz
 
Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси
www.zarhavza.uz

 
 

Мамлакатимизда 22 март – Бутунжаҳон сув куни кенг нишонланмоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 1993 йилдаги резолюциясига асосан дунё мамлакатларида ҳар йили 22 март Бутунжаҳон сув куни сифатида кенг нишонланади. Мазкур сана муносабати билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида турли тадбирлар, семинарлар, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.

2019 йилнинг 12–14 март кунлари Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида “Сув муаммоси – жамият муаммосидир: унинг ечими ҳеч кимнинг назаридан четда қолмаслиги керак” номли Республика танлови ўтказилди.

БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастури, Европа Иттифоқининг Ўзбекистон қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш дастури, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу танловда мамлакатимиздаги қатор олий ўқув юртлари талабалари иштирок этди.

Танлов бешта йўналиш бўйича ўтказилди. “Сувга бўлган муносабат – келажакка бўлган муносабатдир” мавзуидаги фотосуратлар кўргазмаси, “Сув муаммоларини ечишдаги янги ёндошувлар” мавзуидаги баҳс-мунозаралар, “Сув – ҳаёт манбаи” мавзуидаги интеллектуал ўйинлар, “Сувдан фойдаланиш маданияти” мавзуидаги янги ғоялар ва видеороликлар тақдимоти ҳамда “Сув хўжалигини ривожлантириш йўлидаги инновациялар: ғоялар ва технологиялар” мавзуидаги техно-кўргазмада сувнинг ҳаётимизда тутган ўрни, сув русурсларини самарали бошқариш ва мамлакатимизни барқарор ривожлантириш, бунда ёшларнинг тутган ўрнини ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилиниб, янги инновацион ғоялар ва ишланмалар намойиш этилди, талабалар ўртасида мунозаралар ўтказилди.

Танлов натижалари бўйича ғолиб деб топилган талабалар ва жамоалар тадбир ташкилотчиларининг фахрий ёрлиқлари, эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Матбуот хизмати


Киритилган вақти: 15/03/2019 12:12;   Кўрилганлиги: 203
 
Таркибий бўлинмалар
 
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг