Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси
www.zarhavza.uz

 
 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновацион маркази давра суҳбати ўтказди

Нукусдаги БМТ Тараққиёт дастури биносида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновацион маркази фаолиятининг дастлабки босқичига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими, Қорақалпоқ давлат университети, Тошкент Ахборот технологиялари университетининг Нукус филиали, Нукус педагогика институти, Сув хўжалиги вазирлиги қошидаги Мелиоратив экспедиция, Уруғчилик ривожлантириш марказининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси, Гидрометеорология бўйича Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон филиали, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон бўлими мутахассислари иштирок этишди.
 
Унда кенг жамоатчилик Халқаро инновацион марказнинг фаолияти билан таништирилди. Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, тадбир давомида марказнинг ташкил топиши ва унинг асосий фаолият йўналишлари, шунингдек тузга чидамли ўсимликлар экилган Мўйноқдаги тажриба ер майдонларида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди.
 
Йиғилишнинг иккинчи қисмида турли ташкилотлардан ташриф буюрган мутахассислар ўз соҳаларидаги ютуқлар ҳақида маълумот беришди, Оролбўйи халқаро инновацион маркази фаолиятини такомиллаштиришга оид фикр-мулоҳазаларини билдириб, келгусидаги ҳамкорлик бўйича таклиф ва ғояларини ўртага ташладилар. Энг долзарб экологик муаммолар муҳокама қилиниб, зарур тавсиялар билдирилди.
 
Манба: uza.uz

Киритилган вақти: 29/01/2019 11:32;   Кўрилганлиги: 356
 
Таркибий бўлинмалар
 
 
 
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг