Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси
www.zarhavza.uz

 
 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Яккабоғ туманидаги “Дармон шарбати” мева-сабзавотни қайта ишлаш ва қадоқлаш корхонаси фаолияти билан танишди

Давлатимиз раҳбари 2017 йил февраль ойида Қашқадарё вилоятига сафари чоғида вилоятда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, уларни экспорт қилиш ҳажмларини янада кўпайтириш бўйича топшириқлар берган эди.

Яккабоғ туманидаги “Дармон фарм” хусусий корхонасига қарашли “Дармон шарбати” мева-сабзавотни қайта ишлаш ва қадоқлаш корхонаси 2017 йил август ойида ишга туширилди. Бу ерда кунига 12 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Замонавий, энергиятежамкор ускуналар бир кеча-кундузда 20 тоннагача мева-сабзавотни қайта ишлаш қувватига эга. Асосан олма, ошқовоқ ва сабзи шарбати тайёрланиб, ички бозорга чиқарилмоқда. Келгусида узум, анор ва бошқа қатор сабзавот маҳсулотларини ҳам қайта ишлаб, шарбат тайёрлаш кўзда тутилган.

Президентимиз корхонадаги иш жараёни билан танишди. Бу ерда жорий қилинган замонавий технологиялар самарали иш жараёни ва юқори сифатли маҳсулот тайёрлашни таъминламоқда. Мева-сабзавотларнинг табиий хусусиятлари сақлаб қолинган тайёр маҳсулот 1,5 ва 3 литрли махсус идишлар – аксептик пакетларга қадоқланади. Корхона ходимлари касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлардир. Уларга замонавий технологияларни ўзлаштиришда хорижлик мутахассислар сабоқ берган.

Корхонада тайёрланаётган табиий шарбатлар чет эллик харидорларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Яқинда россиялик ҳамкорлар билан экспорт келишувларига эришилди.

Давлатимиз раҳбари вилоятда бу каби корхоналарни кўпроқ ташкил этиш лозимлиги, замонавий технологияларни ўзлаштирган ёшларни тарбиялаш лозимлигини таъкидлади. Бунинг учун Қашқадарёда имкониятлар ҳам, ишчи кучи ҳам етарли.

Шу ернинг ўзида Қашқадарё вилоятида 2018–2019 йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш ҳамда экспорт ҳажмини ошириш лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди.

Китоб туманидаги “Easi agro international” МЧЖ томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш лойиҳаси доирасида йилига 8 миллион шартли банка сабзавот консервалари ва жемлар ишлаб чиқариш режалаштирилган. Корхонани 2018 йилнинг учинчи чорагида ишга тушириш мўлжалланмоқда. Корхона тўлиқ қувват билан иш бошлагач, 60 янги иш ўрни яратилади.

“Дармон шарбати” мева-сабзавотни қайта ишлаш ва қадоқлаш корхонаси томонидан мева-сабзавотни қайта ишлаш ва болалар таомлари ишлаб чиқариш, “Шарофат опа Қаҳрамон қизи” агрофирмаси томонидан музлаткич омборхонаси қуриш лойиҳалари ҳам тақдим этилди.

Президентимиз лойиҳаларни ўз вақтида ва мукаммал тарзда якунига етказиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

Манба: УзА

Киритилган вақти: 29/01/2018 17:29;   Кўрилганлиги: 623
 
Таркибий бўлинмалар
 
 
 
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг