Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси
www.zarhavza.uz

 
 

САМАРҚАНДДА 20 МИНГ 212 ГЕКТАР МАЙДОНДА СУВ ТЕЖОВЧИ ТЕХНОЛОГИЯЛАРНИ ЎРНАТИШ БЎЙИЧА ШАРТНОМАЛАР ТУЗИЛДИ

Жорий йилда Самарқанд вилоятида 24 минг 118 гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий этиш режалаштирилган. Жумладан, 20 минг 162 гектар майдонда томчилатиб суғориш, 100 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш технологияларини ўрнатиш, 2960 гектар майдонда эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш шунингдек, 9 минг 800 гектар майдонни лазер ускунаси ёрдамида текислаш мўлжалланган.
Сув хўжалиги ташкилотлари томонидан сувни тежовчи технологиялар жорий этиладиган майдонларни янада кенгайтириш бўйича иш олиб борилмоқда. Бугунги кунда 20 минг 212 гектар майдонда ана шундай технологияларни ўрнатиш юзасидан қурувчи ташкилотлар билан кластер ва фермер хўжаликлари ўртасида шартномалар тузилган ҳамда қурилиш ишлари бошлаб юборилган. 2021 йил 12 январь куни Самарқанд шаҳридаги “SAG” масъулияти чекланган жамиятида қурувчи ташкилотлар ҳамда ташаббускор кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида сув тежовчи технологияларни жорий этишни кенгайтиришга бағлишланган кўргазмали амалий семинар ўтказилди. Унда Сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамроев сўзга чиқиб, ҳурматли Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқимизга йўллаган Мурожаатномада 2021 йилда республикамизда сувни тежайдиган технологиялар жорий этиладиган ер майдонларини 5 баробарга кўпайтириш ва 430 минг гектарга етказиш, сувни тежаш ҳисобидан 90 минг гектар янги ерларни ўзлаштириш вазифаси қўйилганлигини, бунинг ижросини таъминлаш учун тизимдаги барча ходимлар ва мутахассислар бир ёқадан бош чиқариб, астойдил ҳаракат қилишлари зарурлигини таъкидлади. Семинарда сув тежовчи технологияларнинг афзалликлари, ушбу технологияларни жорий этганларга давлат томонидан субсидия беришнинг янги тартиби тушунтирилди. Кластер ташкилоти ва фермер хўжаликлари вакилларидан технологияларни ўрнатиш учун кредит олиш, лойиҳалаш, қурилиш ва монтаж қилиш бўйича тушган саволларга мутахассислар жавоб қайтардилар. Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати

Охирги ўзгариш вақти: 16/01/2021 11:16;   Кўрилганлиги: 56
 
Таркибий бўлинмалар
 
 
 
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг