Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси
www.zarhavza.uz

 
 

Самарқандликлар Орол денгизининг қуриган ҳудудида ўрмонзор барпо этмоқда

Президентимиз Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида Оролни қутқариш, унинг қуриган ҳудудида ўрмонзорлар барпо этиш, жумладан 2019 йилда 500 минг гектарлик ўрмон яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Янги йил арафасида ушбу эзгу ишга қизғин киришилди. Бу ерда Қорақалпоғистон ва республикамизнинг барча вилоятларидан қишлоқ хўжалиги ходимлари, ўрмончи, селекционер, механизатор, ҳарбий хизматчи ва фавқулодда вазиятлар идоралари ходимларидан иборат минглаб мутахассислар  саксовул экиш ишларини бошлаб юборишди. Жумладан, Самарқанд вилоятидан техникалар, 40 нафарга яқин мутахассис ва механизатор жалб этилиб, айни кунларда улар бу эзгу ишга камарбаста бўлмоқда.

- «Самарқанд вилоят агросервис МТП» масъулияти чекланган жамиятига қарашли 25 та юқори унумли техника ва 28 нафар тажрибали механизатор билан ўрмонзор барпо этиш учун ер тайёрлаяпмиз, - дейди жамоа бошлиғи, «Пахтачи туман агросервис МТП» раиси Акмал Раҳматов. - Механизаторларимиз учун барча шароитлар яратилган. Шунга яраша иш унуми юқори. Асосан саксовул экиш учун ўқ ариқлар оляпмиз. Бор куч ва имкониятларимизни ишга солиб, Оролбўйидаги экологик вазиятни яхшилашга ўз ҳиссамизни қўшамиз“.

Бу ерда вилоятимиздан тажрибали ўрмончилар ва вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 6 нафар мутахассиси ҳам хайрли ишни амалга оширишда астойдил хизмат қилмоқда.

Дарвоқе, улар Янги 2019 йилни дала бошида - махсус кўчма казармада кутиб олишди. Байрамона ташкил этилган тадбирда илғорларга совғалар улашилди, қорақалпоғистонлик санъаткорлар ижросида дилтортар қўшиқлар куйланди.

Манба: zarnews.uz


Киритилган вақти: 03/01/2019 15:30;   Кўрилганлиги: 457
 
Таркибий бўлинмалар
 
 
 
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг