Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси
www.zarhavza.uz

 
 

Суғориш иншоотлари мавсумга ҳозирланмоқда

Сув иншоотларини тозалаш, таъмирлаш қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил етиштиришнинг энг муҳим омилларидан бири. Буни тўғри англаган деҳқонлар куз-қишки мавсумда баҳорги дала ишлари учун пухта ҳозирлик кўришмоқда.

Айни кунларда вилоят далаларида қишлоқ хўжалиги экинларини оби-ҳаёт билан таъминловчи сув иншоотларини тозалаш, канал ва дамбаларни таъмирлаш ишлари қизғин олиб борилмоқда. Бунда замонавий экскаватор ва тозалаш механизмларидан унумли фойдаланиляпти.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга мўлжалланган ер майдонларини сув билан таъминлаш юзасидан олиб борилаётган тадбирлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан доимий мониторинг қилинмоқда.

Ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида, жойларда суғориш тармоқларининг тозаланиши, канал ва дамбаларни таъмирлаш юзасидан бажарилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилиниб, келгусида бажариладиган вазифалар белгиланиб, йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Самарқанд вилояти бўйича кузги-қишки мавсум давомида 188 км. хўжаликлараро суғориш тармоқлари тозаланиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар 92 км дан ортиқ суғориш тармоқлари тозаланди. Мазкур тадбирларда 13 та замонавий экскаваторлардан унумли фойдаланишга эришилди. Хусусан, Каттақўрғон туманида 27,0 км, Пастдарғом туманида 8,8 км, Нарпайда 8,3 км ва Пайариқ туманида 8,5 км хўжаликларо суғориш тармоқлари мавсумга ҳозирланди.

Куз-қиш мавсуми давомида вилоятдаги “Дарғом”,”Мианкал-Тосс”,”Нарпай”,”Оқ-Қорадарё” ирригация тизимлари бошқармаси ҳамда Пайариқ, Пахтачи ва Самарқанд туман ирригация бўлимларига қарашли 535 км. канал ва дамбаларни таъмирлаш ишларини бажариш мўлжалланган.

Жорий мавсум давомида 549 дона хўжаликлараро суғориш тармоқларидаги гидротехник иншоотлар ва 561 дона гидрпостларини таъмирлаш режалаштирилган. Жорий йилнинг ўтган даври давомида, 582 нафар ишчиларнинг заҳматли меҳнати эвазига 291 дона гидротехник иншоотлар ҳамда 309 дона гидропостлар таъмирланди.

Вилоятда хўжалик ички суғориш тармоқларини механизм ва қўл кучи ёрдамида тозалаш ишлари ҳам жадаллик билан олиб борилмоқда. Бу жараёнда 12 механизм ва 1 минг 696 нафар ишчиларнинг қўл кучи ёрдамида 11396 км ички суғориш тармоқларини тозалаш режалаштирилиб, бу борадаги ишлар бошлаб юборилган. Ҳозирга қадар, 696 нафар ишчилар томонидан 466 дона ички суғориш тармоқлари гидротехник иншоотлари ва 348 дона гидропостлар таъмирланди.

Шунингдек, кузги-қишки мавсум давомида фермерларнинг 1940 дона сув олиш қулоқларини жиҳозлаш режалаштирилган бўлиб, олиб борилган назорат тадбирлари давомида шундан 869 дона сув олиш қулоқлари жиҳозланган, бу ишларда 1 минг 738 нафар ишчилар иштирок этишмоқда.

Суғориш иншоотларини таъмирлаш ва тозалаш ишларини ўз вақтида ва сифатли якунлаш юзасидан барча ички имкониятлардан унумли фойдаланилди.

Аваз Очилов, Шерзод Абсодиқов, Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурслари ва ералардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими инспекторлари


Киритилган вақти: 08/01/2021 14:47;   Кўрилганлиги: 50
 
Таркибий бўлинмалар
 
 
 
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг