Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси
www.zarhavza.uz

 
 

СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРЛИГИДА НАВОИЙХОНЛИК КЕЧАСИ ЎТКАЗИЛДИ

Юртимиздан дунё илм-фани ривожига, жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган кўплаб буюк алломалар етишиб чиққанлигини бот-бот таъкидлаймиз. Буни жаҳон афкор оммаси ҳам тасдиқлайди. Аслида Ўзбекистоннинг ҳар қаричи улуғ зотлар хокига ошиён муқаддас заминдир. Она диёримизнинг ўтмишда ҳам, бугунги кунда ҳам чинакам маънода фахрига айланган буюк сиймоларидан бири Амир Низомиддин Алишербек Навоий ҳазратлари ҳақида сўз юритганда, у муҳтарам зотнинг комил шахс ва давлат арбоби сифатида амалга оширган ишларини тасанно ва офаринлар билан тилга оламиз.

Навоий бобомиз, ўзларининг таъбири билан айтганда, одамларнинг нақши бўлган. У кишининг ота-онага меҳру муҳаббати, устозларга юксак ҳурмати, мазлумларга кўрсатган ҳиммат ва мурувватлари, ёш истеъдод эгаларига қилган ғамхўрликлари, карвонсарой ва кўприклар, йигирмага яқин ҳовуз қурдирганликлари, бир қанча илм масканлари ва сиҳатгоҳлар ташкил қилганликлари, хайрия бинолари ва бошқа ноёб меъморий ёдгорликлар барпо эттирганликлари, бутун эътиборини мамлакатда тинчлик ва осойишталик ўрнатишга қаратганликлари, шаҳарларда савдо-сотиқни, ҳунармандчиликни ривожлантиришга катта аҳамият берганликлари чинакам халқпарвар инсон бўлганлигини кўрсатади.

Қолаверса, ҳазрат Навоий ниҳоятда гўзал ахлоқ соҳиби, бағоят одамшаванда бўлганлиги билан бутун дунёга, бани башариятга ибрат ҳисобланади. Миллатимиз тарихида, Заҳириддин Муҳаммад Бобур таъбири билан айтганда, Навоийдек беназир шахсни топиш мушкул.

Тадқиқотчилар Навоий ҳазратлари ижоди давомида 30 мингга яқин сўз қўллаганлигини, Пушкин, Шекспир, Сервантес ва бошқа шоиру адиблар ижодида эса бу кўрсаткич 20 мингга яқин ва ундан сал ортиқроқни ташкил этганини аниқлашган. Бундан ҳам ҳазрат Навоийнинг нақадар юксак маҳорат соҳиби бўлганлиги англашилади.

Улуғ шоирнинг умумий ном билан “Хазойин ул-маоний” деб аталган тўртта девон жамланмасидан иборат асарига ўзбек (туркий) тилда ёзилган 50 минг шеъри киритилган. Форс тилида ёзган 12 минг мисра шеърини “Девони Фоний” деб номлаган асарида жамлаган. Алишер Навоийнинг беш достондан иборат “Хамса”си ва биз юқорида таъкидлаган бешта девонидан ташқари яна 18 та алоҳида асари бор.

Кўплаб хайрли ишларга бош-қош бўлган Навоийнинг яна бу қадар салмоқли мерос қолдирганлиги ҳали-ҳануз дунё аҳлини ҳайратга солмоқда. Бир инсон қисқа умри давомида бу қадар кўп ишларни амалга ошира олиши мумкинми, дея Навоий адабий мероси бир шахс томонидан яратилганлигига иштибоҳ билан қаровчилар ҳам топилмоқда. Аммо 30 га яқин асарни ўз бағрига жамлаган ноёб адабий мерос ҳақиқатан ҳам биргина Навоийнинг ўзи томонидан яратилганлигини кўплаб тарихий манбалар, автобиографик характердаги рисолалар тасдиқлайди.

Таниқли адабиётшунос олима Суйима Ғаниева Навоийнинг “Муножот” асарига ёзган сўзбошисида “Даҳо санъаткорлар яратган асарларнинг катта-кичиги бўлмайди” дея таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, ҳазрат Навоий яратган асарларнинг катта-кичиги йўқ. Шарқ мумтоз шеъриятининг энг кичик жанри, яъни бор-йўғи бир байтдан иборат бўлган муфрадот жанридаги шеърлари ҳам юксак маҳорат билан яратилган. Атиги икки мисра шеърда бадиий тасвир воситалари, шеърий санъатлар ниҳоятда нуктадонлик билан қўлланилган.

Ғазал мулкининг султони, буюк мутафаккир Алишер Навоий бобомиз нафақат ўзбек (туркий) ва форс тилида, балки араб ва ҳинд тилларида ҳам асарлар яратганлиги маълумотларда келтирилади. Ўз навбатида, шоир асарлари ўнлаб халқларнинг тилларига таржима бўлган.

Улуғ мутафаккир бобомиз таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан Сув хўжалиги вазирлигида навоийхонлик кечаси ўтказилди. Тадбирда Ҳазрат Навоийнинг бой бадиий ва ижодий мероси ҳақида қизиқарли маълумотлар айтилди. Унинг ғазаллари, рубоийларидан намуналар ўқилди. Айниқса, олим ва нотиқ Раҳимбой Жуманиёзов тадбирга улкан файз киритди. Нотиқ улуғ аждодимизнинг сўзга муносабати, асарларида қўлланган тасвирий воситалар, ботиний ва зоҳирий маъноларни содда ва халқчил тилда очиб берар экан, даврага йиғилганлар Навоий даҳосини қайтадан кашф этди, унга бўлган эҳтироми яна бир карра ошди, десак муболаға бўлмайди.


Киритилган вақти: 15/02/2021 12:23;   Кўрилганлиги: 23
 
Таркибий бўлинмалар
 
 
 
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг