Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси
www.zarhavza.uz

 
 

СУВЧИЛАР – САВОБ ИШГА ИНТИЛАР

Бугун замон ўзгараяпти.

Ўзбекистон янгиланаяпти.

Доим ҳамма ишда фаол ва ташаббускор бўлиб келган сув хўжалиги ходимлари бутун масъулиятни юрагидан ҳис этган ҳолда янада ғайрат билан ишлайдиган, ўзгаришлар қиладиган, ўзгаришни, аввало, ўзидан бошлайдиган фурсат келди.

Навбатдаги ўзгаришлар эпкини бугун вазирликнинг янгича форматда, олдинги йилларда шаклланган қолиплар ва стериотипларни бузган ҳолда фақат соҳа ривожи учунгина эмас, миллат, Ватан тараққиёти йўлида илгари сурилган ташаббуслар фонида ўтказилган ҳайъат йиғилишида сезилди.

Ражаб ойи мусулмон дунёсида баракали ва улуғ ой бўлиб, ундаги озгина яхши амал эвазига кўплаб ажру савоблар берилади. Савобталаб ва эзгу ишлар учун интилиб яшайдиган сув хўжалиги ходимлари Ражаб ойи кириб келиши муносабати билан “Ободонлаштириш бўйича зарбдор 40 кунлик” эълон қилиш ташаббуси билан чиқдилар. Наврўз миллий байрамигача насос станциялари, канал ва коллектор бўйларидан тортиб, барча сув иншоотлари атрофлари тозаланади, ободонлаштирилади. Оддий ходимдан барча бўғиндаги раҳбарларгача кабинетда ўтирмай, жойларга чиқиб, ободонлаштириш ва иншоотларни суғориш мавсумига тайёрлаш ишларига ҳисса қўшади.

Бу йил мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрамини нишонлаймиз. Улуғ санага ҳозирданоқ тайёргарликка киришган сувчилар ҳар бир ходим 30 тупдан кўчат экиш ташаббусини ҳам илгари сурдилар. Тизимдаги корхона, ташкилотлар жамоада меҳнат қилаётган ходимлар учун 30 тупдан кам бўлмаган миқдорда кўчат экишга киришади. Бунда мевали дарахт кўчатлари 70 фоиздан оз бўлмаслигига эътибор қаратилади.

Кунлар илиб, баҳор насимлари эса бошлади. Ҳар бир кун, ҳар бир соат ғанимат. Шу кунларда сув иншоотларининг муҳофаза ҳудудларида нўхат, мош, ошқовоқ каби экинлар экилса, халқимиз дастурхонига туҳфа бўлади. Сувчилар меҳнатига яраша даромад олади. Айниқса, ҳар бир корхона ва ташкилот ходим бошига 30 донадан ошқовоқ уруғини қадаса, ёмғир сувлари билан кўкариб, апрель-майга бориб гуллайди. Ҳосил ҳам эрта етилади.

Ортиқча расмиятчиликлардан холи, ишчан руҳда ўтган ҳайъат йиғилиши кун тартибини четлаб ўтган ҳолда ана шундай ташаббусларни муҳокама қилиш билан бошланди. Бир қарич ерни ҳам бўш қолдирмаслик, сув иншоотларининг муҳофаза ҳудудларидаги ерлардан унумли фойдаланиш бўйича амалий таклифлар барчага маъқул келди.


Киритилган вақти: 15/02/2021 12:49;   Кўрилганлиги: 65
 
Таркибий бўлинмалар
 
 
 
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг