Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси
www.zarhavza.uz

 
 

Томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш оммалашмоқда

Мамлакатимизда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича тизимли чоралар кўрилмоқда. 

Сув ресурсларидан оқилона ва тежамли фойдаланиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш, қишлоқ хўжалиги экинларининг, айниқса, ғўза ҳосилдорлигини ошириш, шу асосда табиий ҳамда меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланишга эришишни таъминлаш давр талабидир.

Президентимизнинг 2018 йил 27 декабрдаги “Пахта хомашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида“ги қарори бу борадаги ташкилий ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ушбу қарор ижроси юзасидан тизимли ишларни олиб бормоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари, вазирлик тизимидаги лойиҳа ташкилотларига жойлардаги томчилатиб суғориш тизимларини ишлаб чиқарувчи, қурувчи, лойиҳаловчи корхоналар рўйхатини шакллантириш ҳамда намунавий лойиҳалар ишлаб чиқилиши, қуриш, сервис хизмат кўрсатувчи пудрат гуруҳлари ташкил қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Қарорда белгиланган топшириқ асосида Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгаши, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси томонидан 2019-2020 йиллар давомида 21,1 минг гектар майдонда шундан, 14,1 минг гектар майдонда пахта тўқимачилик кластерлари, 7 минг гектар майдонда фермер хўжаликлари томонидан пахта хомашёси ишлаб чиқаришда томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш рўйхати шакллантириб, Қишлоқ ва Сув хўжалиги вазирликлари билан келишилди.

– Сув хўжалиги вазирлиги барча вилоятларда пахта тўқимачилик кластерлари, фермер хўжаликлари, лойиҳа, қурилиш ҳамда томчилатиб суғориш тизимини ускуналарини ишлаб чиқарувчи ташкилотлар раҳбарлари иштирокида кўргазмали амалий семинарлар ўтказди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Рустам Қаршиев. – Унда асосий эътибор томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича қурувчи ташкилотлар билан қишлоқ хўжалиги маҳсулот ишлаб чиқарувчилари ўртасида шартномалар имзолашга қаратилди. Бугунга келиб республикамиз бўйича 6 минг 857 гектар майдон учун шундай 30 шартнома тузилган. Жумладан, Самарқанд вилоятининг Иштихон ва Оқдарё туманларида 2 минг 500 гектар, Сурхондарё вилояти Денов туманида 1 минг 970 гектар майдонда томчилатиб суғориш тизими бўйича қурилиш монтаж ишлари (сув тиндиргич ҳовуз, ер ости қувур тармоқлари) бошлаб юборилди.

Бундан ташқари, Андижон, Бухоро, Жиззах, Сурхондарё, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларидаги бир қатор туманларда пахта етиштиришда томчилатиб суғориш тизимини жорий қилиш лойиҳаси бўйича қурувчи корхоналар билан иш олиб борилмоқда. Шунингдек, барча вилоятларда ҳавза бошқармалари биносида томчилатиб суғориш ва бошқа сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича Маслаҳат марказлари ташкил қилинмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигига томчилатиб суғориш тизимлари ва уларнинг бутловчи буюмларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар томонидан сифат менежменти тизимини жорий қилиш ишлари олиб борилди.

Шу билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига 2019-2020 йилларда томчилатиб суғориш учун мослаштирилган илдиз тизимига эга пахта навларини етиштириш агротехнологиясини яратиш соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш бўйича “Илдиз тизими томчилатиб суғоришга мос ғўза навларини парваришлашнинг сув тежамкор агротехнологиясини ишлаб чиқиш” мавзусида илмий амалий лойиҳалар тақдим қилинди.

Бугунги кунда пахтадан юқори ҳосил етиштиришда интенсив технологияларни қўллаш орқали улкан ютуқларга эришаётган мамлакатлар кўп. Бу ютуқларнинг асосий омили деҳқончиликнинг илғор ютуқларидан самарали фойдаланилаётгани билан боғлиқ. Шундай экан эндиликда сув ресурсларидан самарали ва тежамли фойдаланиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишда барча бирдек масъулиятли бўлиши зарур.

Манба: uza.uz


Охирги ўзгариш вақти: 05/02/2019 11:38;   Кўрилганлиги: 451
 
Таркибий бўлинмалар
 
 
 
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг