Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси
www.zarhavza.uz

 
 

Тойлоқ туманида 560 гектар ер майдонига сув тежамкор технологиялар ўрнатилмоқда

Мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш, ахолини арзон ва сифатли қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, ҳаёт манбаи саналмиш – сув ресурслари билан чамбарчас боғлиқ.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳага инновацион технологияларни жорий этишда муҳим аҳамиятга эга.

Шу мақсадда, Тойлоқ туманида 2021 йили 560 гектар ер майдонида сув тежамкор ускуналар жорий этилиши режалаштирилган.
-Тумандаги “Дилшоджон Дилмуроджон Ишонч” фермер хўжалиги томонидан 10 гектар боғ майдонига томчилатиб суғориш техналогияси ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, хозирга қадар, 2 гектар боғ майдонида замонавий инновацион технологиялар ўрнатилди.
Шунингдек, “Илғор агро техналогия”, “Сиёб Шавкат Орзу”, “Нет Продук” “Худайбердиев Озод”, “Амиржон Анваржон боғлари” сингари ўнлаб фермер хўжаликлари томонидан сув тежамкор ускуналарни ўрнатиш юзасидан қурилиш-таъмирлаш, реконструкция ишлари ниҳоясига етмоқда.
“Ўзагроинспекция”нинг туман бўлими томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда сув тежамкор технологиялар жорий этилиши юзасидан белгиланган лойиҳаларнинг ўз вақтида амалиётга тадбиқ этилиши қаттиқ назоратга олинган.
Кези келганда таъкидлаш лозимки, мавжуд 63 та фермер хўжаликларининг 12 минг 300 гектар ер майдонларини суғориш учун, туман ирригация бўлимига қарашли 7 дона хўжаликлараро канал мавжуд бўлиб, уларнинг умумий узунлиги 33 километрни ташкил этади. Мазкур суғориш иншоотларидаги 95 дона гидротехник иншоатлар ва 67 дона гидропостлар орқали сув ресурслари билан таъминланади.
Шунингдек, инспекциянинг туман бўлими томонидан, сув истеъмолчилари томонидан сувдан фойдаланиш аҳволи доимий равишда таҳлил қилиб борилмоқда. Ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида 16 нафар фуқаролар томонидан сувдан мақсадли фойдаланмасдан сувни бехуда оқизиб қўйиш ҳолатлари аниқланиб, ушбу фуқароларга нисбатан сувдан фойдаланиш қоидаларини бузганлиги юзасидан, Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддасига асосан, ҳуқуқий таъсир чораси кўрилди,-дейди “Ўзагроинспекция”нинг Тойлоқ тумани бўлими катта инспектори Убайдилло Расулов.
Маълумот ўрнида: 2021 йилда Самарқанд вилоятида 19 минг 329 гектар ер майдонида сув тежамкор ускуналар ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, шунинг 19 минг 146 гектари томчилатиб, 183 гектар ёмғирлатиб суғорилади.
Ҳозирга қадар 797 та фермер хўжаликлари ва кластер корхоналари томонидан сув тежамкор ускуналар жорий этиш юзасидан иш олиб борилмоқда.
Ушбу лойиҳалар ҳаётга тўлиқ тадбиқ этилгач, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришда сув ресурслари тежалиши билан бирга, мўл ҳосил олиш имконияти яратилади.


Киритилган вақти: 30/04/2021 16:57;   Кўрилганлиги: 13
 
Таркибий бўлинмалар
 
 
 
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг